Тушда бахор
Тушда бахор БАҲОР -‘Ибн Сириннинг айтишича, ўз вақтидаги баҳор подшоҳ бўлади. Агар баҳор фасли эканини, ҳаво номўътадил эканини, иссиқ ёки совуқдан одамларга зарар ва ранж етаётганини кўрса, ўша диёрга подшохдан ранжу зарар етишини билдиради.
Агар ҳавонинг мўътадил эканини, ҳаммаёқ гулу райҳонлар билан хуррамлигини, одамларга ҳеч қандай ранжу зарар етмаётганини кўрса, ўша диёр аҳлига подшоҳдан хайру манфаат етишини билдиради.
Агар баҳорни мўътадил ҳаволи ҳолда кўрса, иззат ва улуғлик бўлиб, оммага подшоҳдан қувват ва мадад етишини билдиради, подшоҳнинг инсофли бўлишига далил бўлади. Кузнинг таъбири ҳам баҳор таъбири кабидир.
БИЁБОН – Ҳазрати Дониёл айтадиларки, тушдаги биёбон қисмат ва ризқи рўз бўлади, бу эса биёбоннинг катталиги ва кенглигига мувофиқдир.
Агар биёбонда танҳо юрганини кўрса, ўз касбидан кўп мол топишини билдиради. Агар кўпчилик билан биёбонда юрганини кўрса, сафардан кўп молу неъмат топишига далил бўлиб, ризқи рўзи кенгайишини билдиради.
Ибн Сириннинг айтишича, биёбондан чиққанини кўрса, ғаму андуҳдан қутулишига далилдир. Агар биёбонга кириб қолганини кўрса, ғамгин ва ночор бўлишини билдиради.
Жаъфар Содиқ айтадики, тушдаги биёбон тўртта нарсага далилдир: ризқу рўзга; ҳайронлик ва саргардонликка; қийинчилик ва машаққатга; қўрқинч, хатар ва ҳалокатга. Бироқ ундан тез чиқиб кетса, бунинг аксидир.