Тушда БЕҲИ
Тушда БЕҲИ – Билгинки, тушда кўрилган беҳи ҳақида бу фан устодлари ўртасида икки хил фикр бор.
Баъзиларнинг айтишича, бир улуғ одамдан хайру манфаат ва ёқимли мақтов топади, баъзиларнинг айтишича, беҳи фарзанд бўлади, баъзиларнинг фикрича, беморлик бўлади, дейилади.
Беморликка ҳукм қилганлари айтадиларки, агар беҳи сариқ рангли бўлса, беморлик бўлиши мумкин. Баъзилари тан ранжини тортадиган узоқ сафар бўлади, дейдилар.
Бунинг маъноси шуки, Жаброил (а.с.) Одам Ато жаннатдан чиқаётган пайтда унга беҳи берган ва ғаму андуҳли сафар ҳукмини етказган эди. Чунки, Одам Атонинг сафари жаннатдан ерга борадиган ғаму қайғули сафар эди.
Беҳини фарзандга ҳукм қилганларнинг маъноси шуки, Одам алайҳиссалом дунё юзига келгач, беҳи еганидан сўнг унда маний (эрлик уруғи) зиёда бўлди, натижада ундан бир неча фарзандлар вужудга келди.
Бир улуғ одамдан хайру манфаат ва ёқимли олқиш топади, деганларнинг маъноси шуки, беҳи берувчи Жаброил (а.с.) эди ва олувчи эса Одам алайҳиссалом эди. Унинг ширин ҳиди эса ёқимли мақтов бўлади. Кўриб турганингиздек, устозлар таъбир қилган бу ҳар бир туш беҳуда эмас.
Иброҳимнинг айтишича, тушдаги беҳи, хоҳ вақтида, хоҳ бевақт бўлсин, беморлик бўлади, ранги қанчалик сариқ бўлса, беморлик шунчалик оғир бўлади.
Жаъфар Содиқ айтишларича, ўз вақтида кўрилган, бироқ ранги кўк бўлган беҳи фарзандга ишоратдир. Ўз вақтида кўрилмаган, ранги сариқ бўлган беҳи беморликдир.